Ҳумо қўнган шаҳар. Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 ва Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги юбилейларига бағишланади - Ибадулла Байджанов
Шрифт:
Интервал:
Закладка:
Республика Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси минтақавий олий ўқув юртларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига асосан Урганчда Тошкент халқ хўжалиги ва тиббиёт институтларининг филиаллари иш бошлади. Бу эса воҳа марказида малакали мутахассислар тайёрлаш борасида янги имконият уфқларини белгилаб берди. Ҳозирги кунда ана шу филиаллар базасида даволаш иши, педиатрия иши университетда эса иқтисодиёт факультетлари ташкил қилинди. Кучли билимга, иқтидорга эга мутахассисларнинг бир жойга тўпланиши натижасида информатика ва электрон ҳисоблаш техникаси, инглиз тили, кимё бўйича малакали кадрлар тайёрлашни янада яхшилаш имкониятлари яратилди. Урганч илм-фан тараққий топаётган зиёбахш масканга айланди. 1986 йилда ишга туширилган «Китоблар уйи», 1987 йилда фойдаланишга топширилган Қурбон ота Исмоилов номли вилоят кутубхонаси, 1991 йилда бунёд этилган янги замонавий босмахона биноси ҳам Урганчдаги маърифат сарчашмалари ҳисобланади.
Мутахассислигим меъмор бўлганлиги боис Урганчда амалга оширилаётган бунёдкорлик жабҳаларини эътибор билан кузатаман. Ён дафтарларимда шаҳарда қурилган биноларнинг, турли корхоналарнинг яратилиш тарихига оид қайдлар кўп. Республика вақтли матбуотда Урганчдаги бунёдкорлик жабҳалари ҳақида ҳикоя қилувчи «Кўркам бинолар қурайлик», «Урганч бугун ва эртага», «Шаҳар чирой очмоқда», «Тез ва соз қурайлик», «Шаҳар муҳити муаммолари» номли ва яна ўзбек ва рус тилларида ўнлаб мақолаларим эълон қилинган Ушбу рисолани ёзишдан олдин ана шу мақолалар тукумини бир қатор кўздан кечирдим. Аён бўлдики, уларда айтилган фикрлар, мулоҳазалар, режалар, муаммолар ҳал этилиб, орзу умид қилганимиздек Урганч кўркам, замонавий, чиройли шаҳарга айланмоқда.
Гуллаб-яшнаб бораётган она шаҳримда амалга оширилган ишлар, фидойи инсонлар, хуллас Урганчнинг бугуни ва эртаси ҳақида ҳикоя қилишни ният қилдим
Меъморлар масъулияти
Ҳар қандай шаҳар ёки қишлоқнинг қад ростлаши, гўзал ва кўркам манзара касб этиши энг аввало меъморлар меҳнатига боғлиқ. Меъморлар том маънода гўзаллик яратувчи бунёдкорлар ҳисобланади. Ҳар бир даврнинг ўз меъмори бунёдкорлари бўлган. Замонлар ўтиши билан моддий техник ва бадиий эстетик имкониятлар кенгайгани сайин меъморчилик услублари ҳам такомиллашиб, юқори поғоналарга кўтарила борган. Урганчда ҳам улуғ меъморлар самарали меҳнат қилганлар.
Урганчнинг бугунги жамолида, фойдаланишга топширилган кўплаб иншоотлар, саноат корхоналари, турар жой бинолари, мактаблар болалар муассасалари ҳамда шифохоналар қурилишида фидокорлик кўрсатиб ишлаётган кўп сонли қурувчилар ҳиссаси катта, албатта.
Аммо бунда лойиҳачилар ва архитекторларнинг хизматлари ҳам диққатга сазовор. Хоразм вилояти меъморлари бўлиб ишлаган Чумаев Ф. А., Виталий Прокофьевич Скорочкин, Ринат Мақсудович Аҳмедов. (У «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган архитектор» унвонига сазовор бўлган. 24 йил вилоят бош архитектори вазифасида ишлаган.) ва ҳозирги кунда бу лавозимда фаолият кўрсатаётган Шавкат Хусаиновлар ҳам воҳа марказини миллий услублар асосида кўркам, ихчам ҳолда шаклланишига ҳисса қўшганлар.
Урганч шаҳрида 1964 – 1973 йилларда бош архитектор бўлиб ишлаган Суюн Йўлдашев ҳам изланувчан ва фидоий меъморлардан бири эди. У ишлаган даврда шаҳар бош режаси асосида якка тартибда хўжаликларнинг уй-жой қурилиши учун имкониятлар яратиб берилди. Тошкент лойиҳалаш институти билан биргаликда Урганч марказининг бирлашган маъмурий бинолари ҳисобланган кенгашлар уйи бунёд этилди. Инженерлик коммуникациялари қурила бошланди.
1973 йилдан 1988 йилгача Урганч шаҳар бош меъмори вазифасида ишлаш масъулияти ушбу сатрлар муаллифи зиммасида эди. Ўн беш йил бу лавозимда фаолият кўрсатган даврларни эсласам, воҳа маркази кўркига кўрк бўлиб турган кўплаб муҳташам иншоотларни қад ростлашига қўшган ҳиссамни қалбдан ҳис қилиб, ҳам юртларим хизматига камарбаста бўлганлигим билан фахрланаман. Лойиҳалар тайёрлаш, қурилиш ишларини изчил йўлга қўйиш, сифатини кўздан кечириш учун вақт билан ҳисоблашмай ишлашга тўғри келган. Бунинг устига қурилишларни сифатли лойиҳа смета ҳужжатларини маҳаллий шароитнинг ўзида тайёрлаш учун биронта лойиҳалаш ташкилоти тузилмаган. Дуч келинадиган катта-кичик масалаларни ҳал этиш учун кўп вақт ва маблағ сарфлаб пойтахтга бориб келишга тўғри келар эди.
Шаҳар табиати гўзаллигига туташ турар жой бинолари мажмуасини бунёд этиш учун изчил изланишлар олиб борилди. Урганч уйсозлик комбинатининг имкониятлари кенгайтирилди. Қурилиш конвейерларида биргина 146 – серияли эмас, 76 сериялардаги уй блоклари чиқариш йўлга қўйилди. Шаҳар меъморчилигида йирик панелли ғиштдан уйлар тиклаш ғояси амалга оша бошлади. 2, 3, 4, 6 микрорайонлар барпо этилди. Катта магистрал йўллар, темир йўл устидан ўтадиган учта баланд кўприк қурилди. Инженерлик коммуникациялари қурилиши ривож топиб, марказий водовод ётқизилди.
Йирик коммуникация қувурлари қурилиши амалга оширилди. Кўплаб янги насос станциялар ишга туширилди.
Урганч шаҳрининг савдо зонасида «Марказий универмаг», «Болалар дунёси», спорт дўконлари, «Китоблар дунёси» магазинлари қурилди. Янги қурилган кўп қаватли биноларнинг биринчи қаватида аҳоли эҳтиёжини қондириш мақсадида озиқ-овқат ва бошқа рўзғорбоп буюмлар сотиладиган дўконлар ишлай бошлади.
Қатор маъмурий бинолар ҳамда вилоят ҳокимлиги, «Урганчтрансгаз» биноси, «Почта, телефон, телеграф», вилоят суғориш тармоқлари, вилоят касаба уюшмалари бинолари, ҳозирги Тошкент тиббиёт институти филиали жойлашган бинолар шаҳар салобатини оширди. Огаҳий театри, «Хоразм» кинотеатри, «Жайҳун» меҳмонхонаси каби улкан иншоотлар Урганч ҳуснига ҳусн қўшди.
Шаҳарсозлик тугунлари таркиб топди. Урганч шаҳар ҳокимияти биноси ва унинг атрофидаги бинолар, темир йўл вокзали биноси ва унинг атрофидаги бинолар, аэропорт биноси ва унинг атрофидаги бинолар.
Бинолар қурилишида битта катта ғоя – бир бутун яхлит ансамбллар ташкил қилиш бош мақсад қилиб қўйилди. Натижада бир-бирига уйғун ҳолда бунёд этилган биноларда композиция, ритм, пропорция, пластика масалалари тўла ҳал этилганлиги кўзга ташланди.
Кенг миқёсда амалга оширилган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари натижасида Аль-Беруний кўчасидан ўтган ёп бетон плиталар билан қопланди, йўлаклар, ариқлар, тартибга келтирилди. Шовот канали бўйларида, шаҳар марказидаги катта кўл атрофларида янги дам олиш зоналари, болалар учун кичик «шаҳарчалар» ташкил этилди.
1988 йилдан 1997 йилгача Комил Матчанов, Матёқуб Полвонов, Алишер Қодиров, Ҳамид Худайбергановлар бош меъмор бўлиб хизмат қилдилар. Ҳозирги кунда Абдулла Байджанов шу вазифада фаолият кўрсатмоқда. Бу меъморлар иштирокида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Айниқса қадимий Хиванинг 2500 йиллигининг кенг миқёсда нишонланиши бутун Хоразм, хусусан Урганч учун ҳам муҳим воқеа бўлди. «Хива юбилейи Урганчдан бошланади» деган шиор остида 1997 йил бошидан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари қизғин давом этди. Чунки чиндан ҳам Хива зиёрати, тўйига ташриф буюрадиган меҳмонлар аввало Урганч шаҳрига келишади. Меҳмон келадиган уй, кўча чиннидай озода, ораста бўлиши – халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган азалий одати. Тўйга тўёна ҳозирлаш барча урганчликларнинг ягона орзуси бўлиб қолди. Бунга барча ташкилот муассасалар ўз ҳиссаларини қўшдилар. «Хоразмйўл» ҳиссадорлик жамияти алоҳида ҳиммат кўрсатишди. Йўлсозлар 6—13 маҳалла кўчалари йўллари ва йўлакларини бепул асфальт қилиб беришди. Саноат фуқаро қурилиши механизациялашган колоннаси бунинг учун минг куб метр тош беришди.
Энг муҳим муаммо сув танқислиги эди. Қирғизёпга учта насос ўрнатилиб дарахтлар, экинларни гуркираб ўсишига имкон яратилди. Кўмилиб қолган ариқлардан ҳам сувлар шарқираб оқа бошлади. Кўчатларга, йўлакларга файз кирди. Янги гулзорлар, хиёбонлар ташкил этилди. Катта кичик фавворалар ўрнатилди. Аль-Хоразмий кўчасининг икки ёнидаги йўлаклар таниб бўлмас даражада кўркам қиёфа касб этди. Нақшинкор, ихчам, бежирим плиталар йўлакларга тўшалиб, шаҳарликлар ва меҳмонлар пойи қадамида аввалгиларга ўхшамас ажойиб йўлак пайдо бўлди. Ҳаммасидан ҳам қувончлиси меҳмонлар бутунлай янгидан таъмирланган аэропортда кутиб олинди. Юбилей муносабати билан Ўрта Осиёда узунлиги жиҳатдан ягона «Урганч – Хива» троллейбус тармоғи ишга тушди.
Келажаги порлоқ шаҳар
Шаҳарнинг 350 йиллиги муносабати билан бунёдкорлик ишлари, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш давом эттирилди ва қувонарли ишлар амалга оширилди. Бу борада янада серқирра тадбирлар белгиланди. Чунки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра яна икки улуғ сана Урганчда нишонланади. Миллий қаҳрамонимиз, буюк ватанпарвар Жалолиддин Мангубердининг 800 ва улуғ шоир ва аллома Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги шодиёналари воҳа маркази Урганчда байрам қилинади. Демак, бунёдкорлик, яратувчанлик, тенгсиз гўзалликлар кашф этиш яна жадал давом этади. Бу жабҳаларда меъморлар ўз зиммаларидаги масъулиятни сезганлари ҳолда олдинги сафларда борадилар. Муҳташам бинолар, сайлгоҳлар гулзорлар, хийбонлар яратишда ўзларининг бутун ижодкорлик қобилиятларини ишга соладилар.