Меъморлар маскани. Китоб билим юрти ташкил этилганлигининг 30 йиллигига боғишланади - Ибадулла Байджанов
- Категория: Проза / Русская современная проза
- Название: Меъморлар маскани. Китоб билим юрти ташкил этилганлигининг 30 йиллигига боғишланади
- Автор: Ибадулла Байджанов
- Возрастные ограничения: (18+) Внимание! Аудиокнига может содержать контент только для совершеннолетних. Для несовершеннолетних просмотр данного контента СТРОГО ЗАПРЕЩЕН! Если в книге присутствует наличие пропаганды ЛГБТ и другого, запрещенного контента - просьба написать на почту для удаления материала.
Шрифт:
Интервал:
Закладка:
Меъморлар маскани
Китоб билим юрти ташкил этилганлигининг 30 йиллигига боғишланади
Ибадулла Самандарович Байджанов
© Ибадулла Самандарович Байджанов, 2016
© Рустам Ибадуллаевич Самандаров, фотографии, 2016
Редактор Болтабой Бекматов
Корректор Қудрат Бобожон
Корректор Равшан Ўразалиев
Корректор Муҳаббат Ҳўжамуратова
ISBN 978-5-4483-2868-8
Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero
Сўз боши
Қўхна ва ҳамиша навқирон Хоразм воҳаси бўйлаб кезар экансиз, ёхуд унинг билан яқиндан танишар экансиз, меъмор бу қадим ўлкада ниҳоят ардоқли ва қадрли касб эгаси эканлигига гувоҳ бўласиз. Бир-биридан муҳташам бинолар, саройлар, қасрлар бунёд этиш меъморлар, қурувчилар ақли-заковати, билими, маҳоратига боғлиқ эканлигини пайқаб оласиз. Биргина Хива обидаларига назар ташлаганингиздаёқ, меъморчилик воҳа ҳунармандчилигининг гултожи эканлигига иқрор бўласиз. Кейинги даврлар мабойнида қад ростлаган қатор замонавий иншоотларда ҳам ота-боболаримизнинг ана шу нодир касбга садоқат ва мухаббати мужассам эканлиги намоён бўлиб турибди.
Ушбу китобда Хоразмда меъморлар, қурувчи кадрлар тайёрлашдек улуғ вазифани шараф билан адо этиб келаётган Урганч қурилиш колледжи тарихи, унинг жўшқин ва қайноқ фаолияти ҳақида мароқ билан ҳикоя қилинади. Кўплаб ёш мутахассисларни мустақил ҳаётга йўллаётган билим юрти жамоасининг ибратли ишлари китобда ўзининг ёрқин ифодасини топган. Рисолада меъмор масъулияти, қурувчи қадри ҳақида фикр юритилади. Чуқур мулоҳаза ва мунозарага, баҳсга чорлайдиган ўринлар ҳам мавжудки, бу рисола мундаражасини бойитишга хизмат қилган.
Китоб муаллифи ҳақида икки оғиз сўз:
Ибадулла Байджанов – Хоразмнинг иқтидорли меъмори. Ўз соҳасининг билимдони. Хоразм тарихида биринчи бўлиб меъморчилик фанлари номзоди унвонига сазовор бўлган. Республикада кўзга кўринган мутахассис архитектор. Изланувчан, истеъдодли олим. Ташкилотчи раҳбар. Ундаги бу фазилатлар 15 йилдан ортиқроқ Урганч шаҳар бош архитектори вазифасида ишлаб, шахар бош режасининг тараққий қилишида воҳа марказининг чиройли ва кўркам ҳолда шаклланишида намоён бўлди. Хусусан аэропорт, темирйўл вокзали, марказий универмаг, қатор микрорайонлар, маданий маиший бинолар бунёд қилинишида И.С.Байджановнинг ҳиссаси катта. 1988 йилда Урганч қурилиш техникумига директор қилиб тайинланганидан кейин ҳам жўшқин ва самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Шахсан И. С. Байджановнинг бевосита раҳбарлиги ва ташаббуси остида техникум колледжга айлантирилди. «Архитектура», «Халқ хўжалигини ривожлантириш ва иқтисод», «Қурилишни кўкаламзорлаштириш каби мутахассисликлар бўйича янги бўлимлар очилди. Колледжнинг янги ўқув биноси қад ростладию Боғ гулзорлар яратилди.
Коллледжга мана шундай иқтидорли, элим деб, юртим деб ёниб яшашга қодир инсоннинг раҳбарлик қилаётгани ва ўз жамоасида аҳиллик, уюшқоқлик, тадбиркорлик, ташаббускорлик муҳитини шакллантираётгани қувончлидир. Билим юртининг ўттиз йиллик юбилейи айёмида мен бу аҳил жамоага мустақил республикамизнинг янада гуллаб яшнашига, тобора мустаҳкамлана боришига қўшадиган ҳиссаларингиз ошаверсин деймиз!
Воҳамиз, ҳур диёримиз кўрки таровати Сизларнинг шарафли меҳнатингизу ижодингизга боғлиқ! Тўйингиз муборак бўлсин!
Р.М.АхмедовХоразм вилояти бош маъмори Ўзбекистондахизмат кўрсатган архитекторХоразм бунёдкорлар эли
Халқимизнинг ажойиб удумлари бор. Яхши кунларда, тўй-томошаларда бир-бирларини чин дилдан қутлайдилар. Кўнгилдаги эзгу ниятларини изҳор қилиб, аввало эл-юртга тинчлик, омонлик, фаровонлик, дастурхонларга қут-барака тилайдилар. Албатта, бундай самимий қутловлар бирон-бир катта иншоот, замонавий бинолар қурилиб фойдаланишга топширилганида ёхуд ҳовли тўйларида ҳам тез-тез қулоққа чалиниб туради. Ана шундай лаҳзаларда қурувчилик, меъморлик касби ниҳоятда фахрли ва шарафли касб эканлигидан қувонаман. Бутун вужудимни ифтихор туйғулари чулғайди. Элдошларимнинг яшашлари, ўқиш, дам олиш, меҳнат қилиш учун хизмат қиладиган қанчадан-қанча бинолар қурилишида иштирок этдим. Уларни фойдаланишга топшириш тантаналарида қатнашдим. Ўша бахтиёр лаҳзаларда хаёлимдан қадим аждодларимиз томонидан бунёд этилган мухташам иморатлару, салобатли деворлар, сарою қасрлар, масжид мадрасалар, минораю карвонсаройлар ўтади. Уларни қуриш учун чекилган заҳматлар, машаққатлар ташвишларни ҳис қиларканман, бир эзгу фикр уйғонади: меъморлар меҳнати азал-азал эл эътибори ва эъзозида бўлган! Бу меҳнат халқимиз кўз ўнгида яхшилик ва гўзаллик тимсоли бўлиб гавдаланаверади.
Қадрдон колледжимизнинг ўттиз йиллик тўйи арафасида бу туйғулар яна бир бор қалбимда туғён урди, қўлимга қалам тутказди. Бобомерос касбу кор – меъмор қурувчилик, унинг қадим тарихию бугунги аҳволи тўғрисида ҳикоя қилишга ундади. Қадимги Хоразм илмий манбаларда қайд қилинишича Ўрта Осиёнинг Амударё этакларидаги қудратли давлати бўлган. Жуда қадим замонларданоқ (Қадимги Хоразм маданий тараққиёти неолит давридан – эрамиздан аввалги 4—6 минг йилликнинг бошлари) каналлар қазилиб, суғориш ишларининг авж олиши, турмуш тарзининг яхшилани боришига, тўкин-сочинликка, биробарин маданиятнинг гуллаб-яшнашига замин яратган. Қурилиш-меъморчилик жабҳасида улкан ўзгаришлар бўлганлиги археологларнинг илмий изланишлари хулосаларида қайд этилган. Жумладан, Ахмонийлар давлати томонидан илгари сурилган шаҳар қурилиши ўзига хос: Улар шаҳарни баланд деворлар билан ўраб олиш ҳар бурчакда минора ва дарвозалар бўлиши зарурлигини таъкидлаб, буни ўзлари амалда жорий қилдилар. Пировардида бу ғоя кейинчалик янада ривожлантирилиб, салобатли деворлар билан қуршаб олинган тўғри бурчак шаклидаги қудратли шаҳар-қальалар тикланишига олиб келган. Тарихнинг гувоҳлик беришича, ўша давр обидаларини, иморатларини яратган меъморлар, қурувчилар хандаса (геометрия) илмини чуқур билганлар. Қурилишда мутаносибликнинг турли услубларидан самарали фойдаланганлар.
Милоддан аввалги 1 минг йиллик ўрталаридан араб истилосигача ўтган давр мобайнида Хоразмда монументал меъморчилик тараққий топган. Жонбосқальа, Қўйқирилган қальа, Тупроққальа қолдиқлари шуни кўрсатидики, хоразмлик меъморлар ва тасвирий санъат усталари ниҳоятда юксак дид ва маҳорат билан ишлаганлар. Хукмдорлар яшайдиган қароргоҳлар, саройлардаги ҳашамдор безаклар архитектура иншоотларига уйғун ҳолда ишланган.
Антик Хоразм шаҳарчалари тўғри бурчакли қилиб, аниқ режалар асосида бунёд этилган. Шаҳарни қалин, баланд пахса деворлар билан ўраш расм бўлган. Мудофаани мустаҳкамлаш мақсадида деворларнинг ташқи томонлари остига хандаклар қазилган. Бу давр (эрамиздан аввалги 1 минг йилликнинг биринчи ярми) маълумотлари жамланган энг қадимий ёзув обидаси ҳисобланган «Авесто» китобида хоразмлик меъморлар меҳнати ҳақида маълумотлар берилган. Хуллас, меъморчилик азалдан хоразмликларнинг қон-қонига сингиб кетган бобомерос касб эканлиги шак-шубҳасиздир. Буни кўхна ва ҳамиша навқирон Хива ёдгорликлари ҳам исботлаб турибди. Қайси бир обидага кўз ташламанг, унда юксак дид, нафосат ва гўзаллик мужассам. Ўз замонасининг энг яхши меъмори ҳисобланган уста Нурмуҳаммад Тошҳовли қурилишида катта хизматлар қилган бўлса, Абдуллажон деган машҳур меъмор Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, қўхна Арк ва бошқа қатор обидаларни бунёд қилишга беқиёс ҳисса қўшган. Хоразм меъморчилигига оид услубларни ривожлантиришда ҳормай-толмай меҳнат қилганлардан яна бири Рўзимат Машариповдир. У оддий пахса девор қурадиган устадан катта меъмор, етук наққош даражасига кўтарилган. Уни халқ орасида «Рўзимат бобо» дея эътироф этишган. Ичон қальа сарой-мадрасалар қурилишида фаол иштирок этган. Полвон Қорий, Мамат Махрам, Хусайинбек мадрасалари, Қўша дарвоза, Нуриллабой, Тозабоғ саройи қурилиши ва безатилиши юмушларига бош бўлган. Шўро даврида Урганч, Мангит, Гурлан, Хазарасп ва бошқа жойларда давлат муассасалари, касалхоналар, пахта заводлари қурилишига раҳбарлик қилган. Хивада ташкил этилган «Умид» артелида ёғоч, ганч, меъмор ўймакорлиги ва наққошликдан сабоқ берган. Тошкентдаги Алишер Навоий номли Академик театр биносини безашда қатнашган. 60 ёшида Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини таъмирлаган нозик ва машаққатли ишга бошчилик қилган. Ҳозир Хивада Хоразмнинг бу машҳур меъмор ҳунарманди номига кўча қўйилган. Унинг ишларини ўғли Самандар невараси Жуманазарлар давом эттиришаяпти.
Каримберган Раҳимов, Юсуф Худайберганов, Бекчан Яқубов, Каримберган Полвонов, Одамбой Бобожанов, Одамбой Ёқубовларнинг ҳам Хоразм меъморчилигини ривожлантиришда хусусан Хивадаги ноёб обидалар умрини узайтиришдаги хизматлари каттадир. Шунингдек, Худайберган Полвонов, Эшмуҳаммад Худайбердиев, ака-ука Вафо ва Болта Мирзаев, Ҳожиниёз Саидниёзов, Матёқуб Жонибеков, Худайберган Матчанов каби Хоразм меъморчилиги асосчилари номларини фахр билан тилга олса арзийди. Уларнинг меҳнатлари воҳадаги йирик иншоотлар, биноларда дастхат мисоли муҳрланиб қолган.